АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ноқонуний косметика препаратларидан ботулизм ҳолатлари қайд этилди

Мазкур препаратларнинг келиб чиқиши ва қонуний муомаласи бўйича ҳозирда текширув ишлари олиб борилмоқда.

'Ўзбекистонда ноқонуний косметика препаратларидан ботулизм ҳолатлари қайд этилди'ning rasmi

Ўзбекистонда ноқонуний косметик препаратлардан фойдаланиш билан боғлиқ ботулизм ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази огоҳлантириш билан чиқди.

Маълум қилинишича, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига мурожаат қилган айрим беморларда ботулинотоксин сақловчи “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ва “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” препаратлари косметологик мақсадларда қўлланилганидан сўнг оғир ножўя реакциялар кузатилган.

Таъкидланишича, мазкур препаратларнинг келиб чиқиши ва қонуний муомаласи бўйича ҳозирда текширув ишлари олиб борилмоқда.

“Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ва “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” препаратлари Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлиб, уларнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги расман баҳоланмаган.

Марказ фуқароларга интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали таклиф этилаётган шубҳали маҳсулотларни харид қилмаслик, улардан фойдаланишни тўхтатиш ҳамда аломатлар пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилишни тавсия этди.

Мутахассислар кўриш хиралашиши, қовоқ тушиши, ютиниш қийинлашиши, нутқ бузилиши ва нафас олишда қийинчилик каби белгилар кузатилса, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарурлигини таъкидламоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан назорат ва текширув ишлари давом эттирилмоқда. 

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда ноқонуний косметика препаратларидан ботулизм ҳолатлари қайд этилди - Darakchi.uz