АсосийЖАМИЯТ

Энди Франция туристик визаси учун сана қидириш шарт эмас

1 июлдан бошлаб Тошкентдаги виза маркази Францияга қисқа муддатли туристик визалар учун янги навбат тизимига ўтади.

'Энди Франция туристик визаси учун сана қидириш шарт эмас'ning rasmi

Энди ариза берувчилар ҳужжат топшириш учун бўш санани ўзлари қидириб ўтирмайди. Рўйхатдан ўтиб, аризаси текширилгандан сўнг, тизим бўш жой пайдо бўлиши билан қабул вақтини автоматик тарзда белгилайди.

Янги тартиб фақат 90 кунгача бўлган "Туризм" тоифасидаги визалар учун амал қилади. Франция визаларининг бошқа турлари бўйича эса аввалги ёзилиш тартиби сақланиб қолади.

Қабулга ёзилиш учун ариза берувчи TLScontact сайтида рўйхатдан ўтиб, ариза маълумотларини тўлдириши керак. Ҳужжатлар текширилгач, ариза электрон навбатга қўйилади ва бу ҳақда электрон почта орқали хабар юборилади. Навбат етганда эса қабул санаси ва вақти кўрсатилган хат юборилади.

TLScontact маълум қилишича, билдиришнома келганидан кейин ариза берувчи 24 соат ичида сервис тўловини амалга ошириб, ёзилган вақтни тасдиқлаши шарт. Акс ҳолда, қабул навбати бекор қилиниши мумкин.

Виза маркази таъкидлашича, янги тизим фирибгарлар ва воситачи агентликлар фаолиятининг олдини олиш, шунингдек, барча фуқаролар учун визага ёзилиш имкониятини тенг ва адолатли қилиш мақсадида жорий этилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Энди Франция туристик визаси учун сана қидириш шарт эмас - Darakchi.uz