Дубай шаҳрида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик оила ватанга қайтарилди.
Дунё ахборот агентлиги хабар беришича, 25 июнь куни Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонасига фуқаро А.Р. турмуш ўртоғи ва фарзанди билан оғир вазиятга тушиб қолганини билдириб, ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Маълум қилинишича оила 2025 йил декабрида мавсумий ишлаш мақсадида Дубайга йўл олган. Бироқ доимий иш топилмагани сабабли молиявий қийинчиликка дуч келган. Улар Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипта харид қилган бўлса-да, авиақатновлардаги кечикишлар ва минтақа бўйича юзага келган кескин вазият сабаб мамлакатни тарк эта олмаган. Визасиз юриш муддати тугагач, оила аъзолари жаримага тортилган.
Дубай иммиграция хизмати ҳар бир фуқаро учун 9 минг дирҳамдан, жами 27 минг дирҳам (тахминан 7,5 минг доллар) миқдорида жарима тўлаш кераклигини маълум қилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси аралашуви билан оила аъзоларига мамлакатни жаримасиз тарк этишга рухсат олинган.
Шунингдек, дипломатик ваколатхона ташаббуси билан БААдаги "Аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш" жамғармаси кўмагида оила учун Дубай—Тошкент йўналишига авиачипталар харид қилинди ва уларнинг 26 июнь куни Ўзбекистонга хавфсиз қайтиши таъминланди.






