Европа Иттифоқи Венесуэлада содир бўлган вайронкор зилзилалар оқибатларини бартараф этиш учун 5 миллион евро миқдорида фавқулодда гуманитар ёрдам ажратди. Бу ҳақда ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас маълумотларига таяниб Zamon.uz хабар берди.
Таъкидланишича, Европа Иттифоқи Фуқаролик ҳимояси механизмини ишга тушириб, бир қатор аъзо давлатлар орқали қидирув-қутқарув гуруҳлари, ўт ўчирувчилар ҳамда тиббиёт ходимлари Венесуэлага жўнатилган.
Шунингдек, ёрдам дастури доирасида жабрланган ҳудудларда қутқарув ишларини тезлаштириш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда зарур гуманитар эҳтиёжларни қоплаш кўзда тутилган.
ЕИ вакили Кая Каллас Венесуэла вақтинчалик президенти Делси Родригес билан ўтказилган мулоқотдан сўнг зилзила қурбонларининг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ва Европа Иттифоқи Венесуэла халқи билан бирдам эканини таъкидлади.
Шунингдек, ЕИ ҳудуддаги тикланиш ишлари давомида ҳам қўшимча кўмак кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.






