Саудия Арабистонининг давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, мамлакатнинг нефть гиганти “Aramco” компаниясига тегишли вертолёт 28 июнь куни шарқий соҳилда жойлашган Рас Танура ҳудудида ҳалокатга учради. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, вертолёт маҳаллий вақт билан тахминан соат 06:00 атрофида қулаган. Ҳодиса оқибатида 14 нафар Саудия Арабистони фуқароси ҳалок бўлган.
Ҳозирча ҳалокат сабаблари маълум эмас. Расмийлар томонидан воқеа бўйича тўлиқ тергов бошлангани айтилмоқда. “Aramco” компанияси эса ҳодиса юзасидан юборилган сўровларга ҳозирча жавоб бермаган.
Қайд этилишича, “Aramco” бир неча ойлик танаффусдан сўнг яқинда Рас Танура терминалида хом нефть юклаш ишларини қайта тиклаган эди.
Саудия Арабистони дунёдаги энг йирик нефть экспортчиларидан бири ҳисобланади. Мамлакат Яқин Шарқдаги энергетика бозорида АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишувлар фонида нефть ва газ ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини ошириб бормоқда.






