АсосийЖИНОЯТ

Электр тизимидаги икки коррупция ҳолати фош этилди

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Электр тизимидаги икки коррупция ҳолати фош этилди'ning rasmi

Сурхондарё ва Андижон вилоятларида электр таъминоти тизимида коррупция билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.


Маълум қилинишича, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ "Энергосавдо" филиалининг Шўрчи туман бўлими муҳандиси фуқарога тегишли савдо дўконида электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилгани юзасидан расмийлаштирилган далолатномани қонуний тартибда кўриб чиқмаслик, ишни судга юбормаслик ҳамда янги электр ҳисоблагичини ўрнатиб, рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.


У дастлаб 200 АҚШ доллари ва 1 миллион 50 минг сўмни олган. Кейинчалик Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари, Ички ишлар органлари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қолган 500 АҚШ доллари ва 2 миллион 400 минг сўмни олаётган вақтида ушланган.


Шунингдек, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, туман электр таъминоти корхонаси ходимларининг ойлик фаолият кўрсаткичларини "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Андижон ҳудудий филиалидаги танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига пул талаб қилган.


У Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан йиғилган 300 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.


Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Электр тизимидаги икки коррупция ҳолати фош этилди - Darakchi.uz