АсосийСИËСАТ

Мирзиёев Ёшлар кунида иқтидорли ёшлар лойиҳалари билан танишди

Давлат раҳбари маҳалла ҳаёти, экология, стартаплар, муҳандислик, китобхонлик ва маданият соҳаларига оид қатор лойиҳалар билан танишиб, уларнинг муаллифлари билан мулоқот қилди.

'Мирзиёев Ёшлар кунида иқтидорли ёшлар лойиҳалари билан танишди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь куни Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган махсус кўргазмага ташриф буюриб, мамлакатнинг фаол ва ташаббускор ёшлари билан учрашди.

Давлат раҳбари маҳалла ҳаёти, экология, стартаплар, муҳандислик, китобхонлик ва маданият соҳаларига оид қатор лойиҳалар билан танишиб, уларнинг муаллифлари билан мулоқот қилди.

Учрашув давомида Фарғона вилоятидаги “Обод таълим” ўқув маркази фаолияти, экологик стартаплар, инклюзив таълим лойиҳалари, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик ва инновация соҳасидаги ташаббуслари тақдим этилди.

Жумладан, Президент мактаби битирувчиси, Чикаго университети талабаси Асилбек Ашуров томонидан яратилган сунъий интеллектга асосланган “Makon AI” платформаси, шунингдек, АҚШда фаолият юритаётган ёш тадбиркор Сардорбек Раҳматуллоевнинг стартапи давлат раҳбарига таништирилди.

Муҳандислик йўналишида Турин политехника университети талабаси Билолиддин Исмоиловнинг маҳаллий антидрон тизимлари, Нукус давлат техника университети талабаси Айзада Асанованинг янги авлод автомобиллари бўйича ишланмалари намойиш этилди.

Шунингдек, китобхонликни оммалаштириш, маданий-маърифий лойиҳалар ва ижодкор ёшларнинг ташаббуслари ҳам тақдим қилинди. Хусусан, “Мутолаа” мобил иловаси ҳамда адабий туризмни ривожлантиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев мулоқот якунида ёшлар томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳалар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев Ёшлар кунида иқтидорли ёшлар лойиҳалари билан танишди - Darakchi.uz