Тошкент ва Навоий вилоятларида пора олиш билан боғлиқ коррупциявий жиноятлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилоятидаги туман бўлимларидан бири инспектори фуқарога давлат захирасидаги 20 гектар ер майдонидан табиий чимни кўчириб олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳамда уни ташиш учун декларация расмийлаштириб бериш эвазига 2 200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида мазкур маблағнинг 200 долларини инспектор ўзига олиб қолгани, қолган 2 минг доллар эса туман бўлими бошлиғига берилиши кераклиги маълум бўлган. Кейинги тезкор тадбирда туман бўлими бошлиғи ҳам 2 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “Навоий сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг туман бўлимларидан бири машинисти маҳаллий фуқарони танишлари орқали оператор лавозимига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Тезкор тадбир давомида ушбу пулни олган вақтида мазкур корхонанинг муқаддам судланган бош муҳандиси ҳам қўлга олинган. Шунингдек, ушбу ноқонуний ҳаракатларга туман бўлими бошлиғи ҳам алоқадор экани аниқланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.






