Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилиб, янги давлат стипендиялари жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган учрашувда маълум қилди.
Президентнинг таъкидлашича, эндиликда ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича кадр тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг 3-босқич талабалари ўқишни АТ паркда «дуал таълим» асосида давом эттиради.
Шунингдек, мазкур соҳаларда таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун "Муҳаммад ал-Хоразмий" номидаги давлат стипендияси жорий этилади.
Бундан ташқари, муҳандислик, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларида таҳсил олаётган иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Муҳандис қизлар" стипендияси таъсис этилади.
Қайд этилишича, янги ўқув йилидан ушбу стипендиялар давлат олийгоҳлари билан бир қаторда хусусий олий таълим муассасалари талабаларига ҳам берилади.
Президент халқаро олимпиадалар ғолибларини рағбатлантириш тизими ҳам кенгайтирилишини маълум қилди. Энди сунъий интеллект бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ёшлар ҳам 1 миллиард сўм, уларни тайёрлаган устозлар эса 200 миллион сўм миқдоридаги давлат мукофоти билан тақдирланади.






