АсосийЖИНОЯТ

Самарқанд ва Қашқадарёда газ таъминоти ҳамда кадастр тизимидаги коррупциявий ҳолатлар фош этилди

Тезкор тадбир давомида мазкур шахслар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

'Самарқанд ва Қашқадарёда газ таъминоти ҳамда кадастр тизимидаги коррупциявий ҳолатлар фош этилди'ning rasmi

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида газ таъминоти ҳамда кадастр тизимидаги коррупциявий ҳолатларга чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки алоҳида коррупциявий жиноят фош этилган.

Хусусан, Самарқанд вилоятидаги "Ургуттумангаз" газ таъминоти бўлимининг мансабдор ходими ва ушбу ташкилотда муқаддам ишлаган шахс ўзаро тил бириктириб, маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга қарашли ишлаб чиқариш цехига янги табиий газ тақсимлаш ускунасини ўрнатиш учун лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда техник шарт рухсатномасини олиб беришни ваъда қилган. Бу хизмат эвазига улар 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида мазкур шахслар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Яна бир ҳолат Қашқадарё вилоятида қайд этилган. Кадастр агентлигининг туман бўлимларидан бири бошлиғи маҳаллий фуқарога иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих суғориладиган ер майдонини бошқа шахс номига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, сотиб олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у аввалроқ 11 минг 600 АҚШ долларини олган.

Бироқ мансабдор шахс ўз ваъдасини бажармаган. Кейинчалик у олган маблағ ҳисобидан 49,7 миллион сўмни қайтариб бераётган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилган.

Терговга қадар текширув жараёнида мансабдор шахс 11 минг 600 АҚШ долларининг қолган қисми ҳисобланган 89,5 миллион сўмни ҳам жабрланувчига қайтарган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар