Испанияда 2026 йилнинг июнь ойида кузатилган аномал иссиқ ҳаво оқибатида камида 900 киши вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўлим ҳолатларини кунлик мониторинг қилиш тизими маълумотларига таяниб, El País нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 2026 йил июнь ойи 1961 йилдан буён олиб борилаётган метеорологик кузатувлар тарихидаги иккинчи энг иссиқ июнь сифатида қайд этилди. Испания Давлат метеорология агентлиги (AEMET) ўтган ойни «ўта иссиқ» деб баҳолаган. Рекорд даражадаги энг иссиқ июнь эса 2025 йилда кузатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, юқори ҳарорат оқибатида вафот этганларнинг 623 нафари аномал иссиқлик ҳукм сурган бир ҳафта давомида ҳаётдан кўз юмган.
Шу билан бирга, 2026 йил июнь ойи иссиқ ҳаво билан боғлиқ ўлимлар сони бўйича ҳам иккинчи ўринни эгаллади. Бу борадаги энг юқори кўрсаткич 2017 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда жазирама туфайли 1 минг нафарга яқин киши вафот этган. Иссиқлик билан боғлиқ ўлим ҳолатлари бўйича расмий кузатувлар 2015 йилдан буён юритиб келинмоқда.
Маълумот учун, жорий йил июнь ойи ўрталаридан бошлаб Европанинг қатор мамлакатларида аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражагача, баъзи жойларда эса ундан ҳам юқори кўтарилди. Шу муносабат билан Франция, Буюк Британия, Нидерландия ва Италиянинг айрим ҳудудларида об-ҳаво хавфлилигининг энг юқори — «қизил» даражаси жорий этилган.






