АсосийЖАМИЯТ

Монакодаги портлаш ортида Украина Хавфсизлик хизмати бўлиши мумкин — ОАВ

Монако прокуратураси ҳозирча ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳоламаган.

'Монакодаги портлаш ортида Украина Хавфсизлик хизмати бўлиши мумкин — ОАВ'ning rasmi

Монакодаги тураржой биноларидан бирининг кириш қисмида содир бўлган портлаш юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида ҳужум ортида Украина Хавфсизлик хизмати туриши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимол ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, терговчилар ҳодиса олдиндан режалаштирилган қотилликдан кўра кўпроқ огоҳлантириш мақсадида содир этилган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурмоқда.

Портлаш 29 июнь куни кечқурун тураржой биносининг кириш қисмида, одамлар ичкарига кираётган вақтда содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 50–60 ёшлар атрофидаги эркак ва аёл ҳамда улар билан бирга бўлган 13 ёшли ўсмир жароҳат олган. Монако ҳукумати жабрланганларнинг шахсини расман ошкор қилмаган.

Оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, жароҳатланганлар орасида украиналик тадбиркор Вадим Ермолаев ва унинг яқинлари ҳам бўлган. Унинг рафиқаси Анна Ермолаева воқеа вақтида ҳодиса жойида бўлмагани учун жароҳат олмаганини маълум қилган.

Тергов материалларига кўра, портловчи мослама жойлаштирилган сумкани ҳозирча шахси аниқланмаган эркак қолдириб кетган. Гумонланувчи воқеа жойидан қочиб, Босолей томонга яширингани тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Монако расмийлари билан доимий алоқада эканини маълум қилди. Қайд этилишича, воқеа жойида украиналик дипломатлар иш олиб бормоқда. Расмий каналлар орқали жабрланганларнинг шахси аниқлаштирилиб, уларнинг Украина фуқаролигига эгалиги текширилмоқда.

Монако прокуратураси ҳозирча ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳоламаган. Айни пайтда қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ҳамда портловчи қурилмадан фойдаланиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Маълумотларга кўра, Вадим Ермолаев 2023 йил декабридан буён Киев томони жорий этган санкциялар рўйхатида бўлиб келмоқда. Украина расмийлари буни унинг Россия томонидан босиб олинган Қримда алкоголь бизнеси билан шуғуллангани билан изоҳлаган.

    Бошқа янгиликлар

    Монакодаги портлаш ортида Украина Хавфсизлик хизмати бўлиши мумкин — ОАВ - Darakchi.uz