Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Грузияга давлат ташрифи доирасида Тбилиси шаҳрида Грузия Президенти Михаил Кавелашвили билан музокара ўтказди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт, энергетика, туризм ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Бугун, 2 июль куни Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг расмий музокаралари бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев самимий қабул учун Михаил Кавелашвилига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентининг Грузияга давлат ташрифи сўнгги 23 йил ичида биринчи марта амалга оширилаётганини таъкидлади.
Учрашувда кейинги йилларда парламентлар, ҳукуматлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди. 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларга етган. Қўшма корхона ва лойиҳалар сони ҳам ортиб бормоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда Грузиянинг йирик молиявий институтларидан бири — “TBC Bank” муваффақиятли фаолият юритаётгани, Тошкент, Тбилиси ва Батуми ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар амалга оширилаётгани, жорий йил март ойида эса Тошкентда Грузия маданияти кунлари ўтказилгани қайд этилди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, хусусан, Поти ва Батуми портларининг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Бундан ташқари, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Грузия Президенти Михаил Кавелашвилини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.






