АсосийСИËСАТ

Мирзиёев Грузиянинг энг олий давлат мукофоти билан тақдирланди

Мазкур орден номи қадимги юнон мифологиясидаги Олтин мўйна ҳақидаги афсона ҳамда ҳозирги Грузия ҳудудида жойлашган тарихий Колхида ўлкаси билан боғлиқ.

'Мирзиёев Грузиянинг энг олий давлат мукофоти билан тақдирланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Грузияга давлат ташрифи доирасида мамлакатнинг энг олий давлат мукофотларидан бири — “Олтин мўйна” ордени билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросими бугун, 2 июль куни Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтди. Мукофотни Ўзбекистон Президентига Грузия Президенти Михаил Кавелашвили топширди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев ушбу орден билан Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун тақдирланган.

Президент Шавкат Мирзиёев юксак мукофот учун Грузия Президенти Михаил Кавелашвили, Бош вазир Ираклий Кобахидзе ҳамда Парламент раиси Шалва Папуашвилига миннатдорлик билдириб, грузин халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Маълумот учун, “Олтин мўйна” ордени 1998 йилда таъсис этилган бўлиб, Грузиянинг энг нуфузли давлат мукофотларидан бири ҳисобланади. У хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, грузин маданияти, илм-фани ва санъатини тарғиб қилишга қўшилган алоҳида хизматлар учун берилади.

Мазкур орден номи қадимги юнон мифологиясидаги Олтин мўйна ҳақидаги афсона ҳамда ҳозирги Грузия ҳудудида жойлашган тарихий Колхида ўлкаси билан боғлиқ.

Аввалроқ ушбу юксак мукофот Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Иордания қироли Абдулла II, Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шрёдер, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ва Озарбайжоннинг марҳум Президенти Ҳайдар Алиев каби давлат арбобларига ҳам топширилган.

Шунингдек, ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Орбелиани саройидаги Фахрий меҳмонлар китобига тилакларини ёзиб қолдирди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев Грузиянинг энг олий давлат мукофоти билан тақдирланди - Darakchi.uz