АсосийДУНË

Ҳиндистонда эри ортиқча вазни ва сепни баҳона қилиб хотинини бўғиб ўлдирди

Ҳозирга қадар ушбу иш бўйича тўрт киши, жумладан, марҳуманинг эри ҳам ҳибсга олинган.

'Ҳиндистонда эри ортиқча вазни ва сепни баҳона қилиб хотинини бўғиб ўлдирди'ning rasmi

Ҳиндистонда 29 ёшли аёл турмуш ўртоғи томонидан бўғиб ўлдирилди. Тергов маълумотларига кўра, эркак хотинини ортиқча вазни учун мунтазам ҳақорат қилиб келган ҳамда унинг оиласидан сеп сифатида пул ва тилла талаб қилган. Бу ҳақда Times of India нашри хабар берди.

Ҳодиса мамлакатнинг Дхарвад шаҳрига қарашли Ханаси қишлоғида содир бўлган. Ҳалок бўлган аёл Приянка Камалакар бўлиб, у 2024 йилда турмуш қурган. Шундан сўнг эр-хотин ўртасидаги муносабатлар аста-секин ёмонлаша бошлаган.

Марҳуманинг яқинлари айтишича, куёв ва унинг оила аъзолари Приянкага узоқ вақт давомида руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказиб, қўшимча пул ва қимматбаҳо буюмлар талаб қилиб келган.

Тергов давомида эркак хотинининг ташқи кўринишини доимий равишда масхара қилгани, уни "жуда семиз" деб ҳақоратлагани ҳамда фарзанд кўра олмаслигини айтиб таҳқирлагани аниқланган. Бу эса оилада мунтазам жанжалларга сабаб бўлган.

Навбатдаги можаролардан бири вақтида эркак аёлни бўғиб ўлдирган. Кейин эса қариндошлари билан биргаликда жиноят изларини яширишга уринган.

Марҳуманинг оила аъзолари полицияга мурожаат қилгач, қотиллик ва сеп талаб қилиш билан боғлиқ таъқиблар юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирга қадар ушбу иш бўйича тўрт киши, жумладан, марҳуманинг эри ҳам ҳибсга олинган.

Ҳиндистонда келин томонидан сеп талаб қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез учраб туради. Шу йил май ойида мамлакатда 33 ёшли модель ва актриса турмуш қурганидан беш ой ўтиб, ўз уйида ўлик ҳолда топилган эди. Марҳуманинг онаси қотилликка сеп можароси сабаб бўлганини билдирган. Қарши томон эса воқеани ўз жонига қасд қилиш сифатида талқин қилган.

    Бошқа янгиликлар