АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон делегацияси Али Хоманаий билан видолашув маросимида қатнашди

Эронда Али Хоманаий билан видолашув муносабати билан олти кунлик мотам тадбирлари ўтказилмоқда.

'Ўзбекистон делегацияси Али Хоманаий билан видолашув маросимида қатнашди'ning rasmi

Бугун, 3 июль куни Ўзбекистон делегацияси Эроннинг собиқ олий раҳнамоси Али Хоманаий билан видолашув маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Mehr News агентлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация Теҳронда ўтказилган расмий маросимда қатнашган. Шунингдек, тадбирда Туркман халқининг Миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этган.

Эронда Али Хоманаий билан видолашув муносабати билан олти кунлик мотам тадбирлари ўтказилмоқда. Эрон Ички ишлар вазири ўринбосари ва мотам тадбирларини ташкил этиш штаби раҳбари Али Акбар Пуржамшидиённинг маълум қилишича, маросимларда 30 дан ортиқ давлат ва 90 дан зиёд мамлакатдан келган диний арбоблар иштирок этиши кутилмоқда.

Мотам тадбирлари 3 июль куни Теҳрондаги "Мусалла" мажмуасида бошланди. Кейинги маросимлар Қум ва Машҳад шаҳарларида, шунингдек, Ироқнинг шиалар учун муқаддас саналган Нажаф ва Карбало шаҳарларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Дафн маросимининг якуний босқичи 9 июль куни Машҳад шаҳрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Али Хоманаий жорий йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган илк зарбалари оқибатида вафот этгани маълум қилинган эди. Шундан сўнг Эронда бир неча ой давомида мотам тадбирларига тайёргарлик олиб борилди.

Аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Тошкентдаги Эрон элчихонасига ташриф буюриб, Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан очилган таъзия дафтарига ёзув қолдирган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон делегацияси Али Хоманаий билан видолашув маросимида қатнашди - Darakchi.uz