АсосийДУНË

АҚШдаги жазирама 250 йиллик байрам тадбирлари ва Жаҳон чемпионатига таҳдид солмоқда

Кучли иссиқ Жаҳон чемпионати Филадельфиядаги Франция–Парагвай ўйинларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

'АҚШдаги жазирама 250 йиллик байрам тадбирлари ва Жаҳон чемпионатига таҳдид солмоқда'ning rasmi

АҚШнинг катта қисмини қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини мамлакатнинг 250 йиллик Мустақиллик байрами тадбирлари ҳамда FIFA Жаҳон чемпионати ўйинларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

“World Weather Attribution” халқаро тадқиқот гуруҳи маълумотига кўра, АҚШ ва Канаданинг айрим ҳудудларида кузатилаётган юқори ҳарорат ва намликка “иссиқлик гумбази” деб аталувчи атмосфера босими тизими сабаб бўлмоқда.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Ер атмосферасининг ўртача ҳарорати саноатлашувдан олдинги даражадан 1,4 даражага ошмаганида, бундай ҳодиса минг йилда ҳам бир марта кузатилмас эди.

Imperial College тадқиқотчиси Теодор Киппингнинг айтишича, бугунги АҚШ иқлими мамлакат Мустақиллик декларацияси имзоланган даврдан кескин фарқ қилади. Жазирама сабаб Вашингтонда ўтказилаётган байрам тадбирларининг бир қисми қайта кўриб чиқилган. Иссиқлик оқибатида бир неча кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, айримлари шифохонага ётқизилган.

Кучли иссиқ FIFA Жаҳон чемпионати ўйинларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, Филадельфиядаги Франция–Парагвай учрашуви юқори ҳарорат ва намлик шароитида ўтиши кутилмоқда. Мутахассислар бундай об-ҳаво ўйинларни кечиктириш ёки вақтни ўзгартиришга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Пенсильваниядаги оммавий тадбирда 100 дан ортиқ киши иссиқлик сабаб тиббий ёрдамга муҳтож бўлгани, ҳудудга қўшимча тез ёрдам хизматлари жалб этилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Amtrak компанияси юқори ҳарорат туфайли АҚШ шимоли-шарқидаги 20 дан ортиқ поезд рейсларини бекор қилди.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ҳолатлар иқлим ўзгариши ва иссиқхона газларини қисқартириш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШдаги жазирама 250 йиллик байрам тадбирлари ва Жаҳон чемпионатига таҳдид солмоқда - Darakchi.uz