АсосийЖАМИЯТ

Шифокорларга уй-жой учун давлат субсидияси берилади

15 йиллик стажга эга тиббиёт ходимларига ипотекада 25 фоизлик имтиёз берилади.

'Шифокорларга уй-жой учун давлат субсидияси берилади'ning rasmi

Ҳукуматнинг 2026 йил 12 июндаги 310-сон қарори билан давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йиллик иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлашга қаратилган янги тартиб тасдиқланди.

Мазкур тартибга асосан ипотека кредити орқали харид қилинадиган уй-жойнинг бошланғич бадалининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Янги қоидаларга кўра, субсидия олувчилар ўз рўйхатдан ўтган ҳудудига қарамасдан, мамлакатнинг исталган ҳудудидаги бирламчи уй-жой бозоридан ипотека асосида уй харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Субсидия учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали қабул қилинади. Ариза бериш жараёнида номзоднинг давлат тиббиёт муассасасида фаол ишлаётгани ҳамда камида 15 йиллик иш стажига эга экани алоҳида текширилади.

Қарорга мувофиқ, субсидия бир оилага (эр ёки хотиндан бирига) фақат бир маротаба ажратилади. Ғолиблар эса ҳар чоракда белгиланган квота доирасида, мезонларга тўлиқ мос келган номзодлар орасидан онлайн тарзда тасодифий танлов орқали аниқланади. Ҳар чоракда 125 нафар номзод субсидия олиш имкониятига эга бўлади.

Субсидия хабардорномасини олган фуқаро уй-жой харид қилиш учун қурилиш ташкилоти билан шартнома тузиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар

    Шифокорларга уй-жой учун давлат субсидияси берилади - Darakchi.uz