АсосийДУНË

Путин ва Трамп телефонда бир ярим соатга яқин суҳбатлашди

Қўнғироқ АҚШ ташаббуси билан амалга оширилган.

'Путин ва Трамп телефонда бир ярим соатга яқин суҳбатлашди'ning rasmi

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Дональд Трамп 4 июль куни телефон орқали мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида Украина ва Эрон атрофидаги вазият, шунингдек, Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Кремль матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот 1 соат 25 дақиқа давом этган. Қўнғироқ АҚШ ташаббуси билан амалга оширилган.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, суҳбатда Дональд Трамп Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тезроқ тўхтатиш ва можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлигини билдирган. Шу мақсадда АҚШнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москва билан мулоқотни давом эттиришга тайёр экани қайд этилган.

Путин эса Россия можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини, аммо бунда Москванинг асосий талаб ва ёндашувлари инобатга олиниши лозимлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у фронтдаги вазият ҳақида маълумот бериб, Россия қўшинлари янги аҳоли пунктларини назоратга олаётганини айтган.

Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Кремль маълумотига кўра, Трамп икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун Украинадаги можарони имкони қадар тезроқ якунлаш зарурлигини қайд этган.

    Бошқа янгиликлар

    Путин ва Трамп телефонда бир ярим соатга яқин суҳбатлашди - Darakchi.uz