АсосийЖАМИЯТ

Мумбайда кучли ёмғир фожиага сабаб бўлди: камида 6 киши ҳалок бўлди

Кучли ёғингарчилик Мумбай транспорт тизимига ҳам жиддий таъсир кўрсатди.

'Мумбайда кучли ёмғир фожиага сабаб бўлди: камида 6 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида тинимсиз ёғаётган кучли ёмғир оқибатида бир нечта тураржой биноси қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида камида 6 киши, жумладан, 5 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, фожиа шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган Манкхурд туманида содир бўлган. Харобалар мавзесидаги икки ва уч қаватли бир нечта тураржой биноси вайрон бўлган. Қурбонлар орасида бир нафар аёл ҳам бор.

Кучли ёғингарчилик Мумбай транспорт тизимига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Мумбай – Пуне тезюрар автомагистралида кўчки юз бергани сабаб йўл вақтинча ёпилди. Айрим авиақатновлар ва поездлар ҳам бекор қилинди.

Шунингдек, шаҳарда кучли ёмғир ва сув тошқинлари туфайли мактаб ҳамда коллежлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Кўчаларни сув босгани, дарахтлар қулагани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Метеорологлар маълумотига кўра, сўнгги бир суткада Мумбайнинг айрим ҳудудларида 161 миллиметргача ёғингарчилик кузатилган. Ҳиндистон Метеорология хизмати эса мамлакатнинг қатор ҳудудларида кучли ёмғирлар яна бир неча кун давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

    Бошқа янгиликлар

    Мумбайда кучли ёмғир фожиага сабаб бўлди: камида 6 киши ҳалок бўлди - Darakchi.uz