АсосийДУНË

НАТО саммити олдидан Трамп босими кучайди

Сўнгги ойларда Трампнинг баёнотлари НАТО ичидаги муносабатларни янада мураккаблаштирди. У Гренландия устидан назорат ўрнатиш истагини билдирган.

'НАТО саммити олдидан Трамп босими кучайди'ning rasmi

НАТОга аъзо 32 давлат раҳбарлари бугун, 7 июль куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бошланадиган саммитда иштирок этади. Учрашув АҚШ Президенти Дональд Трампнинг альянс аъзоларидан мудофаа харажатларини кескин оширишни талаб қилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

НАТО Бош котиби Марк Рютте саммит арафасида аъзо давлатларни ташкилотнинг мудофаа харажатлари бўйича мақсадларига эришиш учун "аниқ, амалий ва ишончли режалар"ни тақдим этишга чақирди. Унинг айтишича, Трамп барча иттифоқчилар ялпи ички маҳсулотининг камида 5 фоизини мудофаа соҳасига йўналтириш бўйича тезкор чоралар кўришини кутмоқда.

Саммит доирасида мудофаа саноати форуми ҳам ўтказилади. Унда НАТО давлатлари ўнлаб миллиард евролик янги қурол-яроғ шартномаларини эълон қилиши режалаштирилган. Бу орқали Европа давлатлари ва Канада Трампга ўзларининг мудофаа мажбуриятларини бажараётганини намойиш этишни мақсад қилган.

Икки кунлик саммитда Украинага жорий ва келаси йил учун тахминан 70 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш бўйича келишув тасдиқланиши кутилмоқда. Бироқ таҳлилчиларга кўра, бу маблағлар асосан аввалроқ берилган ваъдаларни расмийлаштиришдан иборат бўлади.

Ўтган йили НАТО давлатлари ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини мудофаа эҳтиёжларига ажратишга келишиб олган эди. Шундан 3,5 фоизи тўғридан-тўғри ҳарбий соҳага, қолган 1,5 фоизи эса қўшинлар ҳаракатини енгиллаштирувчи йўллар, кўприклар ва портлар каби инфратузилмага сарфланиши белгиланган.

Сўнгги ойларда Трампнинг баёнотлари НАТО ичидаги муносабатларни янада мураккаблаштирди. У Гренландия устидан назорат ўрнатиш истагини билдирган, Европа иттифоқчиларини Эронга қарши амалга оширилган ҳарбий операциялар юзасидан етарлича маслаҳатлашмагани учун танқид қилган. Шунингдек, Буюк Британия, Италия ва Канада раҳбарлари билан ҳам бир қатор келишмовчиликлар юзага келган.

Бундан ташқари, Вашингтон Россия билан эҳтимолий можаро юз берган тақдирда Европада жойлаштириладиган АҚШ ҳарбий кучлари ва ҳарбий техникалари сонини қисқартириш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет бу масала юзасидан қўшимча таҳлил ўтказилишини ва мудофаа харажатларини етарлича оширмаган давлатларда АҚШ қўшинлари сони кўпроқ қисқартирилиши мумкинлигини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар