АсосийЖАМИЯТ

Навоийда ноқонуний олтин қазишга тушган 3 киши қутқариб қолинди

Қутқарувчилар воқеа жойига етиб келгунга қадар маҳаллий аҳоли ва ҳалиги фуқаро чуқурликда қолганлардан бирини олиб чиққан.

'Навоийда ноқонуний олтин қазишга тушган 3 киши қутқариб қолинди'ning rasmi

Навоий вилоятида ноқонуний равишда олтин қазишга уринган 3 нафар фуқаро қазилган чуқурликда тупроқ остида қолиб кетди. Уларнинг барчаси қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли саъй-ҳаракатлари билан тирик ҳолда олиб чиқилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 7 июль куни соат 04:22 ларда Хатирчи туманидаги "Ангидон" маҳалласига қарашли Қуврай қишлоғи тоғ ҳудудида содир бўлган.

Унга кўра, 4 нафар фуқаро ноқонуний равишда олтин қазиб олиш мақсадида кон ҳудудига борган. Уларнинг 3 нафари ноқонуний қазилган чуқурликка тушиб кетиб, тупроқ остида қолган. Ташқарида қолган тўртинчи шахс зудлик билан атрофдагилар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига хабар берган.

Қутқарувчилар воқеа жойига етиб келгунга қадар маҳаллий аҳоли ва ҳалиги фуқаро чуқурликда қолганлардан бирини олиб чиққан.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари эса ҳодиса жойига тезкор етиб бориб, тупроқ остида қолган яна икки нафар фуқарони қутқариб олган.

Қутқарилган фуқароларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилиб, кейинчалик тегишли тиббиёт муассасасига юборилган.

    Бошқа янгиликлар

    Навоийда ноқонуний олтин қазишга тушган 3 киши қутқариб қолинди - Darakchi.uz