АсосийСИËСАТ

Мирзиёев: "Ислом цивилизацияси инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган"

Давлат раҳбари Ислом цивилизацияси марказини ўтмиш ва келажакни, Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган интеллектуал кўприк деб атаб, мазкур форум турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий марказлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

'Мирзиёев: "Ислом цивилизацияси инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган"'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчиларига табрик йўллаб, бугунги кунда ислом цивилизациясининг бой маънавий, илмий ва маданий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, дунёда можаролар, ўзаро ишончсизлик, экстремизм ва исломофобия кучайиб бораётган мураккаб шароитда илм-фан, маърифат ва эзгу қадриятлар тинчлик ҳамда барқарор тараққиётнинг энг ишончли пойдевори бўлиб қолмоқда.

"Жаҳолатга қарши – маърифат" ғояси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлаган Президент, замонавий таҳдидларга қарши курашишнинг энг самарали йўли илм-фан, таълим-тарбия ва юксак маънавий қадриятларни ривожлантириш эканини қайд этди.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон замини асрлар давомида жаҳон илм-фани ва цивилизациясининг йирик марказларидан бири бўлган. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг илмий мероси бутун инсониятнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Президент мамлакатда Ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Шунингдек, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий мемориал мажмуасининг қайта барпо этилгани бутун мусулмон олами учун муҳим маънавий-маърифий марказ сифатида эътироф этилаётганини қайд этди.

Давлат раҳбари Ислом цивилизацияси марказини ўтмиш ва келажакни, Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган интеллектуал кўприк деб атаб, мазкур форум турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий марказлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Шу билан бирга, Президент Ўзбекистон илм-фан, маданият ва гуманитар соҳалардаги халқаро лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, барчани илм-маърифат йўлидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақирди.

    Бошқа янгиликлар