Монакода украиналик тадбиркорга қарши уюштирилган портлашда гумонланган аёл Киев яқинида бошидан ўқ еган ҳолда ўлик топилди. Бу ҳақда Украина Бош прокуратураси маълум қилди.
Маълум қилинишича, гап 39 ёшли Украина фуқароси Анастасия Березовская ҳақида кетмоқда. У ўтган ҳафта Монакода Украинада туғилган, ҳозирда Кипр фуқароси бўлган тадбиркорга қарши содир этилган портлашда гумонланиб, Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган эди.
Украина прокуратураси маълумотига кўра, ушбу иш доирасида яна икки нафар шахс қўлга олинган. Улардан бири Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ходими, иккинчиси эса собиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими ҳисобланади.
Тергов версиясига кўра, Березовская ушбу шахслардан криптовалюта орқали маблағ олган. Шу боис улар Монакодаги суиқасдга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Айни вақтда прокуратура разведка ходими бу ҳаракатларни раҳбариятини хабардор қилмасдан, мустақил равишда амалга оширганини билдирган.
Текширувлар давомида гумонланувчиларга тегишли объектларда қон излари сақланган хона ҳамда болға ва бошқа буюмлар топилгани айтилмоқда. Бироқ бу маълумотлар ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Монакода юз берган портлаш оқибатида Украинада туғилган тадбиркор Вадим Ермолаев, унинг турмуш ўртоғи ва фарзанди жабрланган. Катталар оғир тан жароҳати олган бўлса, бола енгил жароҳат билан қутулган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи аёл эркак кийимида портловчи қурилмани турар жой биноси кириш қисмига ўрнатган ва ҳодисадан кейин Франция орқали Германияга қочиб кетган.






