АҚШ Президенти Дональд Трамп бугун, 7 июль куни Туркия пойтахти Анқарага етиб келди. У мамлакатда ўтадиган НАТО саммитида иштирок этади. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Трампни Анқара аэропортида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған шахсан кутиб олган. Икки давлат раҳбари қисқа мулоқот қилгач, АҚШ Президенти фахрий қоровул сафида турган турк ҳарбийлари билан ҳам саломлашган.
Трамп ҳарбийларга турк тилида “Мерҳаба, аскер!” (“Салом, аскар!”) дея мурожаат қилгани эътиборга тушди.
Оқ уй матбуот хизмати маълумотига кўра, кутиб олиш маросимида АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак, АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Мэттью Уитакер ҳамда АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Дэн Кейн ҳам иштирок этган.
Трампнинг Анқарага ташрифи Вашингтон ва НАТО ўртасидаги муносабатлар мураккаб паллага кирган бир пайтга тўғри келди. АҚШ Президенти сўнгги ойларда альянсга аъзо давлатларни мудофаа харажатларини ошириш масаласида бир неча бор танқид қилиб келмоқда.
Аввалроқ НАТО раҳбарияти бир неча миллиард долларлик янги мудофаа лойиҳаларини тақдим этган эди. Альянс Бош котиби Марк Рютте мазкур маблағлар хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, уларни “ўринли сарфланган маблағ” деб атаган.






