АсосийЖАМИЯТ

Беларус Республикасида “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлиб ўтмоқда

Ташриф давомида делегация Минскдаги Беларус ИТ Парки ҳамда А. Глебов номидаги Минск давлат амалий санъат коллежи фаолияти билан танишди.

'Беларус Республикасида “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлиб ўтмоқда'ning rasmi

Жорий йилнинг 7–8 июль кунлари Беларус Республикасида “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилмоқда. Мазкур маданий тадбир икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, санъат ва маданият соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Беларус Республикаси маданият вазири Марат Марков билан учрашиб, маданият, кино, театр, музей, кутубхона, маданий таълим, креатив индустрия ва рақамлаштириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Томонлар қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш, маданий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда вазирликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

Ташриф давомида делегация Минскдаги Беларус ИТ Парки ҳамда А. Глебов номидаги Минск давлат амалий санъат коллежи фаолияти билан танишди.

Учрашувларда маданият соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий технологияларни маданий асраш, музей ва кутубхоналарни ривожлантириш ҳамда креатив индустрияга кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Минск шаҳридаги “Победа” кинотеатрида “Ўзбек киноси кунлари” тантанали равишда очилди. Тадбирда ўзбек ва беларус киноижодкорлари ҳамкорлиги, янги қўшма лойиҳалар ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларининг аҳамияти алоҳида эътироф этилди. Дастур доирасида ўзбек фильмлари Беларус томошабинларига намойиш этилмоқда.

Маданият кунлари доирасидаги асосий тадбирлардан бири сифатида 8 июль куни Минскдаги “Республика” саройида ўзбек санъат усталари иштирокида тантанали концерт дастури ҳамда “Янги Ўзбекистон” фото кўргазмаси бўлиб ўтади. Концерт дастурида ўзбек миллий ва замонавий санъатининг энг сара намуналари Беларус жамоатчилигига тақдим этилади.

“Ўзбекистон маданияти кунлари” икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқларни санъат ва маданият орқали янада яқинлаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Бошқа янгиликлар