Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан янги тафсилотлар маълум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Lacetti ва Kia автомашиналари иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида Lacetti иккига бўлиниб кетгани акс этган видео кенг тарқалган эди.
Маълум бўлишича, Kia автомашинасини вояга етмаган ўсмир бошқарган. У тунги вақтда отасининг рухсатисиз автомашина калитини олиб, дўстлари билан шаҳар айланишга чиққан.
Ўсмирнинг кўрсатмасига кўра, у автомобилни юқори тезликда бошқарган ва чорраҳага чиққан Lacetti'ни пайқаган бўлса-да, транспорт воситасини ўз вақтида тўхтата олмаган. Оқибатда юз берган кучли тўқнашувда Lacetti автомашинасида бўлган икки нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.
Шунингдек, ҳодиса оқибатида яна уч киши, жумладан икки нафар бола турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
ИИББ маълумотига кўра, вояга етмаган ҳайдовчи ўз айбини тўлиқ тан олган. У ҳалок бўлганларнинг яқинларидан, ота-онасидан ҳамда Ўзбекистон халқидан кечирим сўраб, содир бўлган воқеадан чуқур афсусда эканини билдирган.
Ўсмирнинг ота-онаси ҳам марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, қонун доирасида юклатиладиган масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр эканини маълум қилган.
Маълум қилинишича, ҳодисадан сўнг маҳалла фуқаролари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилган. Шунингдек, ўсмир таълим олган мактабда педагоглар ва ўқувчилар иштирокида профилактик учрашув ташкил этилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси — транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага мувофиқ, айбдор деб топилган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.






