Россия Федерацияси ҳукумати халқаро автомобиль ташувларини амалга оширувчи профессионал ҳайдовчилар учун мамлакатда вақтинча бўлиш муддатини узайтиришга қарор қилди.
Янги тартибга кўра, эндиликда ўзбекистонлик ҳайдовчилар ҳам Россия ҳудудида календарь йили давомида аввалги 90 кун ўрнига 180 кунгача қолишлари мумкин. Ушбу ўзгариш 2026 йил 30 июндан кучга киради.
Маълум қилинишича, қарор халқаро логистика соҳасида фаолият юритувчи чет эл фуқароларининг алоҳида тоифасига тааллуқли. Бу ташаббус аввалроқ бизнес вакиллари томонидан кўтарилган бўлиб, у ҳукуматлараро даражада, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси иштирокида ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерациясида бўлиш муддатини узайтириш масаласи аввалроқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссияси иштирокидаги "Очиқ мулоқотлар" давомида бизнес вакиллари томонидан бир неча бор кўтарилган эди.
Шунингдек, элчихона ҳайдовчилар Россияга кириш ва бўлиш учун шахсни ва халқаро ташув фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари билан ариза топшириши кераклигини маълум қилди. Бу жараён бўйича босқичма-босқич йўриқнома ҳам эълон қилинган.






