Тошкент шаҳрида Таиланддан олиб келинган йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Республика миқёсида ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг иккинчи босқичи доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида 2004 йилда туғилган Қозоғистон Республикаси фуқаросининг спорт сумкаси белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Текширув чоғида сумка ичида ширинликлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида яширилган, тахминий оғирлиги 11 килограмм бўлган гашиш мойи борлиги аниқланган. Мазкур гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи мазкур наркотик моддани Таиланддан олиб келган бўлиб, уни Қозоғистон Республикасига етказиб бериши режалаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда, идоранинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Қайд этилишича, мурожаат этувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.






