30 йил ва ундан ортиқ вақт аввал ишлаб чиқарилган автомобиллар эгаларидан ҳар йили БҲМнинг 30 баравари миқдорида экологик компенсация ундириш ҳақидаги норма қонун лойиҳасидан бутунлай чиқариб ташланди. Бу ҳақда 8 июль куни Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, қарор жамоатчилик муҳокамалари давомида билдирилган таклиф ва эътирозлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Ҳукумат маъмурий мажбурлаш эмас, балки аҳолини иқтисодий рағбатлантирувчи бозор механизмларини қўллашга устувор аҳамият қаратаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, мамлакатда қарийб 5 миллионта автотранспорт воситасининг 100 мингга яқини носоз ҳолатда бўлиб, шаҳарлардаги зарарли чиқиндиларнинг 63 фоизини айнан улар чиқараётгани қайд этилди.
Шу сабабли автомобиллар паркини янгилаш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида янги механизм ишлаб чиқилмоқда.
Таклиф этилаётган тартибга кўра, очиқ ва шаффоф тендерлар асосида автомобилларни баҳолаш ҳамда қайта ишлаш корхоналари тармоғи ташкил этилади. Эски автомобиллар бозор қийматида баҳоланади, ҳаракатланмайдиган транспорт воситалари ҳам мутахассислар томонидан жойига чиқиб кўрикдан ўтказилади.
Автомобиль эгаларига баҳоланган қиймат миқдорида нақд пул ёки махсус ваучер берилади. Ваучердан расмий дилерлар орқали янги автомобиль сотиб олишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш мумкин бўлади. Қолган маблағни эса 2 йилдан 7 йилгача бўлган муддатда мутлақо фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилиши режалаштирилган.
Агар фуқаро ваучердан фойдаланишни истамаса, унинг қийматини бир ой ичида нақд пул кўринишида қайтариб олиши мумкин.
Лойиҳада келтирилган мисолга кўра, 165 миллион сўмлик Cobalt автомобилни харид қилишда эски машинаси 5 миллион сўмга баҳоланган фуқаро қолган 160 миллион сўмни 7 йил давомида ҳар ой тахминан 1,9 миллион сўмдан фоизсиз тўлаб боради. Агар эски автомобиль 70 миллион сўмга баҳоланса, ойлик тўлов тахминан 1,13 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳозирда ҳужжатни такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Масъуллар қайд этишича, лойиҳа аҳоли ва соҳа мутахассислари таклифлари асосида янада такомиллаштирилади.






