АсосийЖАМИЯТ

АҚШ Эронга янги зарбалар берди. Теҳрон Америка базаларига ҳужум қилганини билдирди

CENTCOM тарқатган баёнотга кўра, зарбалар Эроннинг Ҳормуз бўғозида эркин кема қатновига таҳдид солиш имкониятларини чеклашга қаратилган.

'АҚШ Эронга янги зарбалар берди. Теҳрон Америка базаларига ҳужум қилганини билдирди'ning rasmi

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон ҳудудига қўшимча ҳаво зарбалари берилганини маълум қилди. Вашингтон ушбу амалиёт Ҳормуз бўғозида халқаро кема қатнови хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилганини билдирмоқда.

CENTCOM тарқатган баёнотга кўра, зарбалар Эроннинг Ҳормуз бўғозида эркин кема қатновига таҳдид солиш имкониятларини чеклашга қаратилган.

"Қўшма Штатлар муҳим халқаро сув йўли орқали ҳаракатланаётган тижорат кемалари ва фуқаролик экипажларига қарши сўнгги асоссиз ҳужумлар учун Эронни жавобгар деб ҳисоблайди", дейилади баёнотда.

АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу зарбаларни"кечаги кемаларга қилинган ҳужумга жавоб" деб атади.

"Агар бу яна такрорланса, оқибати анча оғир бўлади", деб ёзди Трамп.

Шу билан бирга, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Қувайт ва Баҳрайнда жойлашган Америка ҳарбий базаларига зарбалар берилганини маълум қилди. Корпус баёнотида қайд этилишича, агар АҚШнинг "тажовузкор ҳаракатлари" давом этса, жавоб зарбалари минтақадаги бошқа Америка объектларини ҳам қамраб олади.

Эрон парламенти раиси ва музокаралар гуруҳи раҳбари Муҳаммад Боқир Ғолибоф эса АҚШни ўзаро англашув меморандуми шартларини бузишда айблади.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Ҳормуз бўғози бўйича келишувларга амал қилмаган, Эронга қарши янги ҳарбий таҳдидлар билдирган, нефть санкцияларини қайта тиклаган, мамлакат жанубига зарбалар берган ҳамда Исроилнинг Ливанга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.

Ғолибоф Ҳормуз бўғози фақат Эрон белгилайдиган шартлар асосида очилишини таъкидлади.

"Америка ҳали ҳам таҳдид ва ваъдаларни бузиш оқибатсиз қолмаслигини тушунгани йўқ. Очиқ айтаман: агар зарба берсангиз, жавоб зарбасини оласиз. Бемаъни ҳаракат қилманг, акс ҳолда вазият янада мураккаблашади. Ҳормуз бўғози Америка таҳдидлари билан эмас, Эрон шартлари асосида очилади",— деди у.

Аввалроқ НАТО саммити доирасида сўзга чиққан Дональд Трамп Эрон билан музокараларни "вақтни беҳуда сарфлаш" деб баҳолаб, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув амалда тугаганини билдирган эди. Шунингдек, АҚШ Эрон ҳудудидаги тахминан 80 та нишонга зарба бергани ҳақида хабарлар тарқалган.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШ Эронга янги зарбалар берди. Теҳрон Америка базаларига ҳужум қилганини билдирди - Darakchi.uz