Қашқадарё вилоятида сув насосларини электр тармоғига ноқонуний улаш орқали 4 миллиард сўмдан ортиқ электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги штаб маълум қилди.
Маълум қилинишича, назорат тадбири Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ўтказилган. Унда «У. М.» фермер хўжалигига тегишли сув насослари электр тармоғига ўзбошимчалик билан улангани аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузарлик оқибатида 1 миллиард 841 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Шунингдек, Косон туманида фуқаро М. Ш.га тегишли сув насосларида ҳам худди шундай қонунбузарлик ҳолати фош этилган.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича давлат манфаатларига етказилган дастлабки зарар миқдори 2 миллиард 428 миллион сўмни ташкил этган.






