АсосийДУНË

Эрдўған НАТО етакчиларига ўзи ҳақидаги китобни совға қилди

Китобга илова қилинган шахсий мактубида Эрдўған мазкур асарнинг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталган.

'Эрдўған НАТО етакчиларига ўзи ҳақидаги китобни совға қилди'ning rasmi

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТОнинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган 36-саммитида иштирок этган давлат ва ҳукумат раҳбарларига ўзи ҳақида ёзилган "Жасорат сиёсати: Эрдўған ва Туркиянинг юксалиши" номли китобни шахсий совға сифатида тақдим этди. Китоб етакчиларга Президентнинг имзоси туширилган махсус мактуб билан бирга берилган. Бу ҳақда «Анадолу» агентлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, мазкур китоб Эрдўған жамғармаси ташаббуси билан халқаро аудитория учун инглиз тилида тайёрланган бўлиб, унда Туркиянинг сўнгги йиллардаги сиёсий тараққиёти, мамлакат дуч келган муҳим синовлар, қабул қилинган стратегик қарорлар, амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда давлатнинг узоқ муддатли ривожланиш мақсадлари таҳлил қилинган.

Асарда, шунингдек, Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сиёсий фаолияти ва раҳбарлик услуби орқали Туркияда кейинги чорак аср мобайнида кечган сиёсий, ижтимоий ҳамда институционал ўзгаришлар "жасорат сиёсати" концепцияси асосида ёритилган.

Китобга илова қилинган шахсий мактубида Эрдўған мазкур асарнинг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталган.

"Тарих фақат содир бўлган воқеалар йиғиндиси эмас, балки ўша воқеаларга йўналиш берган қарорлар, улкан меҳнат ва шаклланган қарашларнинг умумий меросидир. Бу асар шахсий ҳаёт йўлимдан ташқари, халқимиз билан бирга барпо этган орзуларимиз, амалга оширган лойиҳаларимиз ва келажак авлодларга қолдираётган меросимизнинг ифодасидир", дейилади Туркия Президентининг мактубида.

Қайд этилишича, китоб оддий сиёсий биография доирасидан чиқиб, Туркиянинг замонавий тарихини мамлакат раҳбарияти, жамият ва давлат ривожи нуқтаи назаридан талқин қилишга қаратилган. Шу боис у халқаро ўқувчилар учун Туркиядаги сўнгги йиллардаги ўзгаришларнинг сиёсий ва ижтимоий асосларини тушунтирувчи манбалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқарада ўтказилган НАТОнинг 36-саммити якунлари бўйича Ражаб Тойиб Эрдўған альянс етакчиларига уларнинг исмлари ўйиб ёзилган махсус тўппонча ва бир қути ўқ-дорини совға қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

    Бошқа янгиликлар