Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 августдан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича судларнинг мавжуд штат бирликлари доирасида меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолият юритади.
Янги тартибга кўра, Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати таркибида 4 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида эса 3 нафардан ихтисослашган судья фаолият олиб боради.
Шунингдек, Нукус, Бухоро, Жиззах, Қарши, Кармана, Наманган, Термиз, Фарғона, Урганч, Оҳангарон туманлараро судларида 2 нафардан, Самарқанд шаҳар судида 2 нафар, Каттақўрғон, Ўртачирчиқ ва Янгийўл туманлараро судларида 1 нафардан, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур, Учтепа ва Яккасарой туманлараро судларида 2 нафардан меҳнат низоларига ихтисослашган судьялар ишлайди.
Қарорга асосан, 2026 йил 1 августдан кейин судларга келиб тушадиган меҳнат низоларига оид аризалар айнан мазкур ихтисослашган судьялар ўртасида тақсимланади.
Бундан ташқари, 2026 йил 31 июлга қадар судларга келиб тушган, шу жумладан, иш юритувига қабул қилинган меҳнат низоларига оид ишлар аввалги тартиб асосида кўриб чиқилиб, якунига етказилади.






