Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида вояга етмаган болаларга ноқонуний равишда диний таълим бериб келган шахслар фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки ҳудудда қонун талабларига зид равишда диний сабоқ бериш ҳолатлари аниқланган.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳеч қандай махсус диний маълумот ва тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда жорий йилнинг июнь ойидан буён ўз хонадонида 2011–2019 йилларда туғилган 22 нафар вояга етмаган болага диний таълим бериб келган.
Терговга қадар текширувларда аниқланишича, Денов ва Олтинсой туманларидан келган болалар мазкур хонадонда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган шароитда яшаб, таълим олган. Бунинг учун уларнинг ота-оналаридан ҳар ой 500 минг сўмдан 100 АҚШ долларигача миқдорда тўлов олинган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи, 1971 йилда туғилган аёлнинг хонадони холиcлар иштирокида кўздан кечирилганда, у жорий йилнинг май ойи охиридан буён Бағдод ва Ёзёвон туманларидан келган, 2011–2017 йилларда туғилган 5 нафар вояга етмаган болага ҳеч қандай рухсатномасиз диний таълим бериб келаётгани аниқланган. Текширув давомида ўқитиш жараёнида фойдаланилган адабиётлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 229²-моддаси иккинчи қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болаларнинг ота-оналарига нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига мувофиқ маъмурий чоралар кўрилган ҳамда профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, идоранинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирган. Қайд этилишича, мурожаат этувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.






