Тошкент шаҳрида икки нафар шахс фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш ва кейинчалик ушбу давлатда доимий яшаш учун ҳужжат тайёрлаб беришни ваъда қилиб, катта миқдорда пул талаб қилган вақтида қўлга олинди.
Маълум қилинишича, 1994 ва 1999 йилларда туғилган икки шахс ўзаро тил бириктириб, танишлари орқали “G-1” визасини олиб бериш, шу орқали фуқароларни Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ҳамда кейинчалик улар учун доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Улар ўз хизматлари учун 55 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган шахс ҳам фуқарони ноқонуний йўллар орқали АҚШга юборишни таклиф қилган.
У танишлари орқали "Ўзбекистон – Туркия – Испания – Мексика – АҚШ" йўналиши бўйича хорижга олиб чиқиш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида у сўралган маблағнинг 20 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасаддилар фуқароларни хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ шубҳали таклифларга алданмасликка чақирди. Қонуний меҳнат миграцияси учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ёки махсус лицензияга эга хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.






