Президент томонидан "Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида"ги Конституциявий қонун имзоланди.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мазкур ҳужжатни жорий йилнинг энг муҳим иқтисодий янгиликларидан бири ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий натижаси сифатида баҳолади.
Унинг таъкидлашича, янги қонун мамлакатда халқаро стандартларга мос молиявий инфратузилмани шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозорларидаги рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Ҳужжатга кўра, Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида инвесторлар ва молиявий ташкилотлар учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилади. Марказда мустақил молиявий регулятор, халқаро тижорат суди ҳамда низоларни ҳал этишнинг замонавий механизмлари фаолият юритади.
Янги марказ банк ва инвестиция хизматлари, капитал бозори, суғурта, ислом молияси, финтех, рақамли активлар, активларни бошқариш ҳамда юридик ва консалтинг хизматларини қамраб олган молиявий экотизим сифатида ривожлантирилади.
Режага кўра, 2030 йилга қадар марказ орқали 20–25 миллиард АҚШ долларигача қўшимча инвестициялар жалб қилиш, 15 минггача юқори малакали иш ўрни яратиш ва 10 минг нафар мутахассиснинг малакасини ошириш кўзда тутилган.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг очиқ ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, хусусий секторни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.






