Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 6 ёшли бола ҳалок бўлди. Бу хақда "Миллар" хабар берди
Маълум қилинишича, ҳодиса 1 июль куни содир бўлган. Кузатув камераси тасвирларида бола тўхтаб турган Cobalt автомобили ортидан югуриб чиққан ва ҳаракатланаётган Tracker автомобили ғилдираклари остида қолиб кетгани акс этган.
Ҳодиса оқибатида бола олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.
Маҳаллий аҳоли ушбу ҳудудда махсус болалар майдончаси йўқлиги сабаб болалар кўпинча кўчада ўйнашга мажбур бўлаётганини айтган. Шунингдек, гувоҳлар ва марҳумнинг яқинлари ҳайдовчи ҳодиса вақтида эҳтиёт чораларига риоя қилмаганини таъкидлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






