АҚШ Эрондан Ҳурмуз бўғозида кемаларга ҳужумларни тўхтатиш ва ушбу ҳудуддаги барча денгиз йўлаклари халқаро кемалар қатнови учун очиқ эканини расман билдиришни талаб қилди. Бу ҳақда BBC маълум қилди.
АҚШ расмийлари маълум қилишича, томонлар ўртасида уч ҳафта аввал имзоланган ўзаро англашув меморандумига қарамай, Эрон Ҳурмуз бўғози ва унинг атрофидаги тижорий кемаларга бир неча бор ҳужум қилган.
Вашингтон ушбу ҳаракатлар икки томон ўртасидаги заиф сулҳга салбий таъсир кўрсатгани ва ядровий музокараларга бўлган ишончни пасайтирганини таъкидламоқда.
Маълум қилинишича, 12 июль куни Уммон пойтахти Маскат шаҳрида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ва Уммон ташқи ишлар вазири Саййид Бадр ал-Бусаидий учрашиб, Ҳурмуз бўғозидаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади. АҚШ Теҳроннинг расмий баёнотини айнан ушбу учрашувдан сўнг кутаётганини билдирган.
АҚШ расмийларидан бири Эрон кемаларга ҳужумларни тўхтатиши, Ҳурмуз бўғозидаги барча денгиз йўлаклари очиқлигини эълон қилиши ва йўл қўйилган хатони тан олиши кераклигини айтган.
Шунингдек, Вашингтон вакили агар Теҳрон бу қадамларни амалга оширмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдирган.






