Қорақалпоғистон Республикасида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши муносабати билан айрим давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳар ва туман ҳокимларининг қарорларига мувофиқ қуйидаги ҳудудлардаги боғчалар белгиланган муддатларда фаолият юритмайди:
Нукус шаҳри — 2026 йил 13 июлдан 18 июлгача;
Амударё тумани — 13 июлдан 15 июлгача;
Беруний тумани — 13 июлдан 17 июлгача;
Хўжайли тумани — 13 июлдан 18 июлгача;
Тахиатош тумани — 13 июлдан 17 июлгача;
Шуманай тумани — 13 июлдан 17 июлгача;
Мўйноқ тумани — 13 июлдан 17 июлгача;
Қонликўл тумани — 13 июлдан 17 июлгача;
Тўрткўл тумани — 13 июлдан 17 июлгача.
Қайд этилишича, мазкур қарор болалар саломатлигини ҳавонинг ўта иссиқ бўлиши таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Фаолиятни вақтинча тўхтатиш тартиби Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларининг тегишли хулосалари ҳамда тавсиялари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, ота-оналардан фарзандлари саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш, куннинг энг иссиқ вақтларида уларнинг очиқ ҳавода узоқ вақт бўлишига йўл қўймаслик ва барча зарур эҳтиёт чораларига амал қилиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзгидромет" 13–17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилганини маълум қилган эди. Прогнозга кўра, энг иссиқ кунларда республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати 41–43 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 44–46 даражагача кўтарилиши мумкин.






