Бугун, 12 июль куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Ўзбекистон” меҳмонхонасида ёнғин содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилишича, соат 14:45 да Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчасида жойлашган меҳмонхонанинг 10-қаватида ёнғин чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Хабар асосида ёнғин-қутқарув техника ва ходимлари зудлик билан воқеа жойига йўл олган. Улар манзилга соат 14:49 да етиб бориб, ёнғинни бартараф этиш ишларини бошлаган. Натижада ёнғин соат 14:54 да тўлиқ ўчирилган.
Қайд этилишича, бинода ўрнатилган ёнғинга қарши хавфсизлик тизимлари ўз вақтида ишга тушгани сабабли аланганинг кенг тарқалишига йўл қўйилмаган ва ёнғин тезкорлик билан бартараф этилган.
Текширувлар давомида ёнғин меҳмонхонанинг 10-қаватидаги ходимлар хонасида содир бўлгани ва мазкур хонага зарар етгани аниқланган.
Ҳодиса оқибатида фуқаролар орасида жабрланганлар қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдори ўрганилмоқда.






