Россияда июнь ойида ўтказилган “Нелегал-2026” операциясининг биринчи босқичи давомида миграция соҳасида 60 мингдан ортиқ қонунбузарлик аниқланди.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, текширувлар натижасида 14,6 минг нафар хорижий фуқаро маъмурий тартибда мамлакатдан чиқариб юборилган. Яна 29,3 минг нафар шахснинг Россияга кириши тақиқланган.
Операция давомида хорижликларни ноқонуний ишга жалб қилган 10,4 минг нафар иш берувчига нисбатан чора кўрилган. Шунингдек, миграция қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ 2 мингта жиноят иши қўзғатилган ва қидирувда бўлган 301 нафар шахс аниқланган.
Қайд этилишича, рейдлар асосан хорижликлар кўп яшайдиган ҳудудлар, иш жойлари, жамоат транспорти ва етказиб бериш соҳаларида ўтказилган.
“Нелегал-2026” операцияси Россия ИИВ, ФХХ ва Росфинмониторинг ҳамкорлигида ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда қидирувдаги шахсларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Россия президенти Владимир Путин миграция хизматлари учун давлат божлари кескин оширилиши тўғрисидаги қонунни имзолаганди.






