АҚШ ҳарбийлари Эрон ҳудудидаги ҳаво мудофаа тизимлари, радиолокация станциялари, ракета ва дрон объектлари, шунингдек, кичик ҳарбий кемалар жойлашган ўнлаб нишонларга зарба берганини маълум қилди.
Эрон оммавий ахборот воситаларига кўра, Бандар Аббос, Қешм ороли, Сирик, Жаск ва Хузистон вилоятининг айрим ҳудудларида кучли портлашлар содир бўлган.
Хабар қилинишича, Маҳшаҳр шаҳридаги сув насос станциясига берилган зарба оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши жароҳат олган.
Эрон эса жавоб тариқасида Иордания, Баҳрайн ва Қувайтда жойлашган АҚШ билан боғлиқ ҳарбий объектларга ракета ҳамда дронлар ёрдамида ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Иордания расмийлари мамлакат осмонида учаётган тўртта ракета ҳаво мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинганини билдирган. Қувайт эса ўз ҳаво мудофаа кучлари душманнинг ҳаводаги нишонларига қарши ҳаракат қилганини маълум қилди.
Яқин Шарқдаги кескинлик ортидан жаҳон нефть бозорида ҳам нархлар ўсди. Хусусан, Brent русумидаги нефть нархи бир баррель учун 79 доллардан ошди.






