"Ўзгидромет" маълумотига кўра, яқин кунларда ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 41–43 даражагача, мамлакатнинг шимоли, жануби ва чўл ҳудудларида эса 44–46 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Вазирлик таъкидлашича, бундай жазирамада организм қизиб кетиши, сувсизланиш, қон босими ўзгариши, юрак-қон томир тизимига юклама ошиши ҳамда иссиқ уриши ҳолатлари юзага келиши мумкин.
Айниқса, 65 ёшдан ошган кексалар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир, қандли диабет, буйрак ва нафас йўллари касалликлари бор беморлар ҳамда айрим дори воситаларини қабул қилаётган фуқаролар юқори хавф гуруҳига киради.
ССВ аҳолига чанқашни кутмасдан кун давомида тез-тез сув ичишни, енгил ва оч рангли кийим кийишни, соат 11:00 дан 17:00 гача тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида юришни чеклашни тавсия қилди.
Шунингдек, оғир ва ёғли овқатлар ўрнига сабзавот, мева, енгил таомлар ҳамда сут маҳсулотларини истеъмол қилиш, жисмоний меҳнатни эрталаб ёки кечки салқин вақтларга режалаштириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Вазирлик болалар, кексалар ва уй ҳайвонларини ҳатто қисқа вақтга ҳам қуёш остида қолдирилган автомобил ичида ёлғиз ташлаб кетмасликка чақирди. Чунки бундай ҳолатда автомашина ичидаги ҳарорат бир неча дақиқа ичида ҳаёт учун хавфли даражагача кўтарилиши мумкин.
ССВ иссиқ уришининг дастлабки белгилари кузатилганда зудлик билан салқин жойга ўтиш, кўпроқ суюқлик ичиш ва зарур ҳолларда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш лозимлигини эслатди.






