АсосийЖАМИЯТ

Россияда денгиз устидаги пиёдалар кўприги қулаб тушди

Жароҳатланганлар орасида болалар ҳам бор.

'Россияда денгиз устидаги пиёдалар кўприги қулаб тушди'ning rasmi

Россиянинг Приморье ўлкасида денгиз устида жойлашган пиёдалар кўприги қулаб тушиши оқибатида тўрт киши жароҳат олди. Улардан уч нафари вояга етмаганлардир. Бу ҳақда маҳаллий расмийлар маълум қилди.

Ҳодиса бугун, 13 июль куни Артём шаҳри яқинидаги Тавайза ҳудудида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа пайтида кўприк устида 20–30 нафарга яқин одам, асосан болалар бўлган. Айримлари кўприкдан денгизга сакраётган вақтда иншоот қулаб тушган.

Ҳодиса жойида бўлган дам олувчилар ҳамда қутқарувчилар жароҳатланганларни сувдан олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Артём шаҳар маъмурияти маълум қилишича, жароҳатланганларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Улардан икки нафари енгил, бир нафари ўртача оғирликда жароҳат олган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Ҳодиса юзасидан прокуратура томонидан текширув бошланган. Терговнинг дастлабки хулосаларига кўра, мазкур кўприк хусусий компания тасарруфида бўлган ҳамда авария ҳолатида экани сабабли унга кириш тақиқланган. Бироқ болалар ўрнатилган тўсиқларни бузиб, кўприкка чиққан.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеанинг барча ҳолатларини ўрганмоқда.

    Бошқа янгиликлар