АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев Бекободдаги Дўстлик маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди

Лойиҳа доирасида соҳил бўйида 27 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилиб, 167 та янги доимий иш ўрни яратилди.

'Мирзиёев Бекободдаги Дўстлик маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи доирасида “Хос ёз” канали соҳили ҳамда Дўстлик маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Қайд этилишича, аввал қаровсиз ва тартибсиз ҳолатда бўлган “Хос ёз” канали соҳили бугунги кунда шаҳарнинг замонавий дам олиш масканларидан бирига айлантирилган. Ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режа доирасида 3 километр узунликда пиёдалар йўлаги, 5,4 километр муҳофаза тўсиқлари барпо этилди, шунингдек, 2 та кўприк қурилди.

Лойиҳа доирасида соҳил бўйида 27 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилиб, 167 та янги доимий иш ўрни яратилди.

Президент мазкур ҳудудда спорт билан шуғулланаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашди.

Маълум қилинишича, Дўстлик маҳалласи 28 гектар майдонни эгаллайди. Унда 33 та кўп қаватли турар жой, хусусий мактабгача таълим ташкилоти, футбол майдони, 16 та спорт ва болалар майдончаси ҳамда кутубхона фаолият юритади.

Жорий йилда тадбиркорлар томонидан 1,1 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 10 та хизмат кўрсатиш объекти ва битта умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилди. Бу орқали яна 25 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан “Ватанпарвар боғи” барпо этилди. У ерда ҳарбий техника намуналари ўрнатилиб, хизмат кўрсатиш объектлари ташкил қилинган.

“Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан эса Бекобод шаҳри музейи ташкил этилди. Маҳаллада нуронийлар ва меҳнат фахрийлари учун учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган ёғоч конструкцияли ёзги шийпон қурилди.

Давлат раҳбари маҳаллада аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишиб, маҳалла фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан мулоқот қилди.

«Барча амалга ошираётган ишларимиз, барпо этилаётган объектларимиз ва лойиҳаларимиз, аввало, аҳолига хизмат қилиши, инсонлар ҳаётини яхшилаши керак. Одамлар ўз маҳалласида, шаҳрида кечаётган ўзгаришларни ҳис қилиши, уларнинг самарасини кундалик ҳаётида кўриши зарур.

Ҳар сафар ҳудудларга келганимизда инсонлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг нафасини, унинг янгиланиш ва тараққиёт шабодасини ҳис этиши керак. Бекобод шаҳри ҳам меҳнаткаш аҳолиси, иқтидорли ёшлари ва ҳаёт тажрибасига эга нуронийлари билан янада обод ва тараққий этган масканга айланиши лозим.

Биз ёшларимизнинг орзу-интилишлари, нуронийларимизнинг эзгу ният ва мақсадлари рўёбга чиқиши учун барча имкониятларни сафарбар этамиз», деди Президент.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Бекобод шаҳрига ташриф якунланганидан сўнг давлат раҳбари Тошкент шаҳрига қайтиб келди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев Бекободдаги Дўстлик маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди - Darakchi.uz