АсосийДУНË

Туркиянинг Бодрум шаҳрида ресторандаги қуролли ҳужумда 28 ёшли эркак ҳалок бўлди

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи воқеа жойидан пиёда қочиб чиққан ва яқин атрофда уни кутиб турган мотоциклга ўтириб, ҳодиса жойини тарк этган.

'Туркиянинг Бодрум шаҳрида ресторандаги қуролли ҳужумда 28 ёшли эркак ҳалок бўлди'ning rasmi

Туркиянинг Муғла вилоятига қарашли Бодрум туманида жойлашган ресторанлардан бирида содир бўлган қуролли ҳужум оқибатида 28 ёшли Муҳаммер Билик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Cumhuriyet нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 13 июль куни маҳаллий вақт билан соат 00:30 атрофида Битез соҳилидаги ресторанлардан бирида содир бўлган. Муҳаммер Билик уч нафар таниши билан овқатланаётган вақтда ҳожатхонага чиққан. У столига қайтаётганида номаълум шахс унинг ортидан бир неча марта ўқ узган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи воқеа жойидан пиёда қочиб чиққан ва яқин атрофда уни кутиб турган мотоциклга ўтириб, ҳодиса жойини тарк этган.

Отишма овозларидан сўнг ресторанда бўлганлар орасида саросима юзага келган. Мижозлар ҳудудни зудлик билан тарк этган ва воқеа ҳақида фавқулодда хизматларга хабар берилган.

Ҳодиса жойига етиб келган тиббиёт ходимлари Муҳаммер Билик олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойининг ўзида вафот этганини маълум қилган. Шундан сўнг ҳудуд полиция томонидан ўраб олиниб, Бодрум прокуратураси томонидан жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари бошланган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, гумондор ҳужумдан аввал Битез соҳилидаги бир нечта муассасага кириб, Муҳаммер Биликни қидирган. Ҳозирда унинг шахсига аниқлик киритиш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли қидирув тадбирлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Туркиянинг Бодрум шаҳрида ресторандаги қуролли ҳужумда 28 ёшли эркак ҳалок бўлди - Darakchi.uz