АсосийЖАМИЯТ

“Реал Санжик” иши: Тошкент шаҳар суди расмий баёнот берди

Маълум қилинишича, Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича навбатдаги апелляция суд мажлиси 20 июль куни давом эттирилади.

'“Реал Санжик” иши: Тошкент шаҳар суди расмий баёнот берди'ning rasmi

Тошкент шаҳар суди ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида “Реал Санжик” номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовнинг ҳимоячиси Ойбек Ашуровнинг апелляция шикояти суд томонидан қабул қилинмагани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Суд матбуот хизматига кўра, мазкур маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Айни пайтда Санжар Каримовга оид жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда.

Қайд этилишича, адвокат Ойбек Ашуров аввал оммавий ахборот воситаларига берган изоҳида ўзининг апелляция шикояти қабул қилинмагани сабабли суд мажлиси бошқа кунга қолдирилганини билдирган эди. Бироқ суд томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида адвокат ҳукм устидан апелляция шикоятини аввал айтилганидек 18 май куни эмас, балки 30 июнь куни электрон шаклда туман судига юборгани аниқланган.

Суднинг тушунтиришича, шикоят бериш муддати ўтган бўлса-да, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган. Шунингдек, иш судланувчининг бошқа ҳимоячилари томонидан ўз вақтида берилган апелляция шикоятлари асосида апелляция инстанциясида кўриб чиқилаётгани инобатга олиниб, муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилган.

Шу тариқа адвокат Ойбек Ашуров ҳам бошқа ҳимоячилар қатори жорий суд мажлисида иштирок этган.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати адвокатларнинг одил судловни амалга оширишдаги ўрни муҳим эканини таъкидлар экан, уларни оммавий ахборот воситалари орқали шахсий ҳуқуқий позициясини аниқ исботланган факт сифатида тақдим этиб, жамоатчиликни чалғитишдан тийилишга чақирди.

Маълум қилинишича, Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича навбатдаги апелляция суд мажлиси 20 июль куни давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди жорий йилнинг 8 май куни Санжар Каримовни фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топган эди. Суд унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, БҲМнинг 410 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлаган. Ҳукмдан норози бўлган Санжар Каримов юқори инстанция судига шикоят киритган.

    Бошқа янгиликлар

    “Реал Санжик” иши: Тошкент шаҳар суди расмий баёнот берди - Darakchi.uz