АсосийЖАМИЯТ

Жазирамада болаларни очиқ ҳаводаги тадбирларга жалб қилиш ҳолатлари юзасидан муносабат билдирилди

Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган айрим тадбирларда болаларнинг юқори ҳарорат ва тўғридан тўғри қуёш нурлари остида бўлиши уларнинг саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.

'Жазирамада болаларни очиқ ҳаводаги тадбирларга жалб қилиш ҳолатлари юзасидан муносабат билдирилди'ning rasmi

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида июль ойининг дастлабки ўн кунлигида мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари жазирама об-ҳаво шароитида очиқ майдонлардаги тадбирларга жалб қилинди. Бу ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган айрим тадбирларда болаларнинг юқори ҳарорат ва тўғридан тўғри қуёш нурлари остида бўлиши уларнинг саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин. Шу боис масъулларга жазирама пайтида болаларни очиқ ҳаводаги тадбирларга жалб қилишни чеклаш чақириғи йўлланди.

Болалар омбудсмани бундай ҳолатлар белгиланган санитария ва хавфсизлик талабларига зид эканини таъкидлаб, болаларнинг соғлиғини хавф остига қўйган масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши, шунингдек, келгусида бу каби ҳолатларнинг олди олиниши таъминланиши лозимлигини билдирди.

Шу билан бирга, Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ижтимоий тармоқларда аномал иссиқ кунларда “Долзарб 90 кун” тадбирлари очиқ майдонда ўтказилгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Бошқарма маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеолар жорий кунларда эмас, балки 8 июль куни Деҳқонобод туманида ташкил этилган тадбир давомида тасвирга олинган.

Расмийларга кўра, ҳозирда барча ҳудудий бўлимларга аномал иссиқ даврида “Долзарб 90 кун” тадбирларини имкони борича салқин ва ёпиқ биноларда ўтказиш, ўқувчиларнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигини устувор вазифа сифатида таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, бошқарма айрим ижтимоий тармоқ саҳифалари ҳолатга расмий манбалар орқали аниқлик киритмасдан туриб маълумот тарқатганини ҳам танқид қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Жазирамада болаларни очиқ ҳаводаги тадбирларга жалб қилиш ҳолатлари юзасидан муносабат билдирилди - Darakchi.uz