Telegram мессенжеридаги t.me қисқа ҳаволалари бутун дунё бўйлаб ишламай қолди. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров ўзининг X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Маълум қилинишича, 14 июль кунига ўтар кечаси Telegram’га тегишли t.me домени глобал DNS тизимидан чиқарилган. Шунинг ортидан мазкур домен орқали яратилган каналлар, гуруҳлар, профиллар ва таклиф ҳаволалари ишламай қолган.
Павел Дуров муаммо юзасидан .me домен зонаси операторига мурожаат қилиб, ҳолатни текширишни сўраган.
“Салом, @domainME. t.me ҳаволалари ишламай қолди. Буни текшириб кўра оласизми?”, деб ёзган у.
Ҳозирча t.me доменининг нега ишламай қолганига оид расмий изоҳ берилмаган. Шунингдек, .me домен зонаси оператори ҳам мазкур ҳолат юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.
Telegram вақтинчалик ечим сифатида янги ҳаволаларни telegram.me домени орқали шакллантиришни бошлади. Эндиликда иловада канал, пост ёки профиль ҳаволаси нусхаланганда t.me ўрнига telegram.me манзили кўрсатилмоқда.
Қайд этилишича, муаммо доменнинг амал қилиш муддати тугагани билан боғлиқ эмас. t.me домени Telegram номи учун 2035 йил май ойигача рўйхатдан ўтказилган бўлиб, унинг ном серверларида ҳам ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган.






